вторник, Июнь 30, 2009
понедельник, Июнь 29, 2009
"Озодлик" дегани бобожоновлар дегани эмас ёҳуд Баҳодир Чориевнинг "Озодлик"да ҳаққи бор...

Бундан бир неча вақт аввалроқ мухолифат фаоллари "Озодлик" радиосидаги носамимийлик, тарафкашлик ва яна бошқа қатор камчилик ҳамда жиддий нуқсонларга далиллар асосида бойкот эълон қилишганди.
Ўшанда "Озодлик" радиосида ишлайдиган ака- ука бобожоновлар муассис бўлган пона деб аталадиган сайтда гўё "Озодлик" радиосига қарши бойкот эълон қилиш демократияга душманлик , дея ўзларининг ҳимоялари учун мақолалар эълон қилишди.
Бироқ улар бундай ҳимоя йўлини танлаб радиодаги нохолислик ва нокамтарлик, тарафкашлик каби иллатларга мубтало эканликларини ўзлари яна бир бор исботлаб қўйишди.Чунки у бойкотда асосан биринчидан "Озодлик" радиоси эмас балки унинг бобожонов деган ходимларига нисбатан ва уларнинг ўзбек тилини тушунмайдиган директорларига норозилик акс этган эди.Буни қарангки айнан норозиликка сабабчи бўлганлар ўз сайтларида "Озодлик"ка қарши бўлишяпти, дея аюханнос солар эканлар бу ака- ука шоввозлар ўзларини "Озодлик" радиоси деб билишларини кўрсатиб қўйдилар.Ахир "Озодлик" дегани бу бобожоновлар дегани эмаску.Наҳотки улар бу оддий ҳақиқатни унутишди?Фақат бу эмас, улар шундан кейин ҳам мухолифат фаолларига беписандлик қилишди.Фаолиятларида заррача бўлсада ўзгариш ясашмади.
Энди яқинда "Бирдамлик" ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев радио раҳбарларидан бири билан учрашгач радио фаолиятида мутлақо ўзгариш бўлмаётгани сабаб Прага ва Вашингтонда бобожоновларнинг исбот талаб қилиш шарт бўлмаган кўр- кўрона манманлигу беписандликлари туфайли уларнинг истеъфога кетиши талаби билан унинг ташкилоти фаоллари очлик эълон қилишлари ҳақда баёнот тарқатишди.Шундан кейин ҳам бобожонов деганлар тўғри хулоса ясашга уриниш ўрнига яна аввалгидай "Озодлик"ка қаршилик ва булар МХХдан ёлланган" деган каби провакацион мақолалар билан ўзларини эски ҳунарларини харжлай бошладилар.Пона дея атаган сайтларини ростдан ҳам лиққиллаб қолган кезлари ўзларига пона қилиб уддабуролик билан ишлатишмоқда.
Бошқа сайтларда эмас айнан шу бобожоновлар сайтида ўзларини ўзлари ҳимоя қилиб бошқаларни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилишлари қайси бир касбий этика -ю, қайси бир қоидага тўғри келади?Улар бу борада сира фикрламайдилар чамаси.
Ака- ука бобожоновлар зимдан мухолифатчиларга зарба беришни канда қилмаяптилар.Масалан ёши бир жойга бориб қолган Алибой домла Йўляхшиевнинг аёллари билан "Давр менинг тақдиримда" рукнидаги эшиттиришда суҳбат қилар эканлар бошдан оёқ гапни айлантириб бечора момонинг соддалигидан фойдаланиб, "фарзандларимиз ўзбек тили билишмайди..." дея такрор- такрор иқрорлантириб ҳузур қилишдан мақсадлари нима деб ўйлайсиз?Шундоқ ҳам муҳожирот заҳматини тотиб юрган у кексалар юрагини яралаш билан бир қаторда бошқа муҳожиротдагиларни "четда кўп юрмай тезроқ Ўзбекистонга қайтинг, йўқса болаларингиз ўз она тилларини унутишади ёҳуд мусулмон куёвни қаёқдан топасиз..." деган ташвиқот юргизмаяптиларми?
Ёки бўлмаса кеча яқиндаги янги бир "Дадахон Ёқубов яна таъқибда" деб номланган эшиттиришга эътибор беринг.Бобожоновлардан бири таниқли журналист Дадахон Ёқубовнинг аёли билан суҳбат қилар экан унинг савол- жавобига қаранг:
"Озодлик: Сиëсий бошпана сўрабми ëки бошқа мақсаддами мамлакат ташқарисига чиқиб кетган бўлиши мумкинми?
Раъно Ëқубова: Йўқ. Уйдан эрталаб пулсиз ва ҳужжатсиз чиқиб кетганлар. Мендан РОВД гача етиб оламан¸ деб ялиниб 3000 сўм сўраб олиб кетдилар..."
Раъно Ёқубовадан мухбир "ҳа, у киши сиёсий бошпана сўраб фалон қўшни мамлакатга кетдилар" деган жавобни олишга нега уриняпти?Мабодо "ҳа" деб қаердалигини айтса -ю Дадахон Ёқубовни ўша мамлакатдан тутиб келишлари учунми?
Хуллас санайман десангиз бобожоновчиларнинг бу каби енг ичида Каримовга хизматини фош этувчи ҳеч ким гўё сезмай қоладиган "сирли" ахборотлари кўп.Уларни бобожонлар тайёрлаган материаллардан истаганча топиш мумкин.
Майли буларни ҳам нари қўйиб турайликда энди Прагада ва Вашингтонда "Бирдамлик" ҳаракати очлик ўтказиши юзасидан баёнот бергач унинг раҳбари Баҳодир Чориевга отилган маломат тошлари борасида икки оғиз сўз айтсак.Биламиз бу айтадиган гапларимиз бобожончиларга малол келади, ёқмайди.Лекин начора ҳақ гап бўлгандан кейин исташадими ё йўқ айтамиз.
Баҳодир Чориев ким?Унга нима учун минбар бериш керак?Унинг нима ҳаққи бор?Шу ва шу каби таънамоуз ва таҳқиромуз иддаолар битилган унда- бунда битиклар пайдо бўла бошлади.Ўшаларга хонасаллилло айтиб қўймоқчимиз.
"Озодлик" радиоси АҚШ томонидан молиялаштириладиган радио ва у демократия учун хизмат қилиши керак дея кўп бор таъкидланади.Шундан келиб чиқиб айтиладиган бўлса Баҳодир Чориевнинг "Озодлик" радиоси фаолияти юзасидан ҳар томонлама сўраш ва талаб қилишга ҳаққи бор.
Чунки Баҳодир Чориев АҚШда яшар экан демак у ишлаётган маошидан солиқ тўлайди.Ва фуқаролар солиқлари ҳисобидан молиялаштириладиган радиода ишлаётган бобожонов деганларни босар тусарини билмай қолишга қадар маош олишларида Чориевнинг ҳам улуши бор.Бундан ташқари Чориев АҚШда яшар экан у ўзи яшаётган мамлакатга қарашли радио хизмати тўлақонли ва ҳаққоний ишлашини талаб қилишга ҳаққи бор, қолаверса бевосита ҳамда билвосита тўғридан- тўғри бурчи ҳамдир.
Қолаверса у "Озодлик" радиоси минбаридан фойдаланишни талаб қилишга ҳам юз фоиз ҳаққи бор.Чунки у АҚШда рўйхатдан ўтган Ўзбекистонда демократия учун кураш олиб борадиган қонуний бир ташкилотнинг раҳбари.
Хуллас, "Озодлик" радиосидаги бобожонов кабиларга билдирилаётган норозиликларни бутун "Озодлик" радиосига қарши акция эмаслигини ўзларича ўзларини ҳақмиз деб иддао қилаётганлар тушуниб етадилар дея умид қиламиз.Бошқаларни чаллғитаман деганлар эса охир -оқибат ўзлари чалғиб қолишлари мумкин.
Ризо Обид
Таҳририят: Ушбу мақолани саҳифага қўйганимиздан кўп ўтмай ўқувчилар муносабатлар билдириша бошлашди ва улардан бирининг хати эса диққатимизни тортди.Унда:"мақолада ёзганларингиз яна бир бор тасдиғини топди."Озодлик"нинг Қурултой номи билан бошланиб "қур қуртой"га айланган эшиттиришида ўзбек тўйлари ҳақда сафсаталарда одамлар онгига Ўзбекистонда одамлар Авропа- ю Америкадагилардан ҳам бой бўлиб кетишди, тўй қилиш учун 50 -60 минг доллар пул ўртамиёна одамлар учун ҳеч нарса бўлмай қолди, деган ёлғон билан лоф уришмоқда", дейилган.Биз ўқувчи мактубидаги гап нечоғли тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун ўша эшиттириш матнига бирров кўз югуртирдик.
Ўша эшиттириш матнидан иқтибос:
"Аҳмад ҳожи Хоразмий: Мен Азизанинг ва тошкентлик аëлнинг гапларини эшитиб¸ жуда ҳам тўлқинланиб кетдим. Ўзбекистонда 50-60 минг долларга тўй қилиш¸ оддий ҳол дегандай нарса туюлди менга.
Қаранг¸ бу радиони ҳозир жаҳон эшитаяпти. Дунëнинг жуда кўплаб жойларида ватандошларимиз¸ ўзбек тилини тушунадиган одамлар бор. Мен Ўзбекистон учун ғурурланиб кетдим.
Ҳозир шуни эшитаëтган одамларда шундай савол туғилади: Агар шундай экан¸ миллионлаган ўзбеклар чет давлатларда тентираб нима қилиб юрибди?
Озодлик: Тўй қиламиз деб юрибдида улар. Олти-етти ой ишлаб¸ топган пулини банклар орқали жўнатади ва бир борганида ҳамма пулини бир кунда тўйга сарфлаб келади ."
Радиодаги шоввознинг олди қочдидай туюлсада аслида коса тагида ним коса қабилидаги
Ўзбекча тўй – кимга томоша¸ кимга ўй
сарлавҳали "Ўзбекистонга қайтинг,ҳамма бой бўлиб, ҳаёт фаровон" дея шаъма қилувчи Каримов ҳукумати сиёсати тарғиботини англаш учун ўша эшиттириш билан мухлислар ўзлари танишиб, хулоса ясашлари мумкин.
пятница, Июнь 26, 2009
Юсуф ЖУМА: Озод айланг мени бургутлар

Озод айланг мени бургутлар
Банди қилди қора қузғунлар,
Зиндонбондир қутурган итлар.
Юрагимда ўчгай ёлқинлар
Озод айланг мени бургутлар!
Юрак бағри тилка йигитман,
Бу дунёга сиғмаган ўтман,
Мазлумдирман, ёлғиз бургутман,
Озод айланг мени бургутлар!
Юксак-юксак тоғлардан тушинг,
Зиндонларнинг деворин тешинг,
Сафинггизга шоирни қўшинг,
Озод айланг мени бургутлар!
26.12.01.
2001 йил ноябр ойида мени Ёзувчилар уюшмасидан ўчирганларини турмада эшитиб, турмада ёзилган шеър
Уюшмаган уюшмадан
Ўчирдилар номимни.
Аҳли маддоҳ уялмайин
Урар экан нонимни.
Уюшмаган уюшмадан
Ўчирдилар номимни.
Имкон бўлса, ўчирсалар
Вужудимдан жонимни.
Исмим тилга олинганда
Ёниб кетар ичлари.
Шукур, етмас шеъриятдан
Ўчирмоққа кучлари.
Мустабиднинг унвонларин
Асло қилмасман ҳавас.
Уюшмада эмас, номим
Шеъриятда қолса, бас.
2001 йил
понедельник, Июнь 15, 2009
Жаҳонгир МУҲАММАД: Ўзгармаган мавзулар
“Тилимиздан “вотти-вотти”, аста секин кетивотти”
САВОЛ:Сиёсат жонимга тегди. Сиёсий бўлмаган бир савол бермоқчиман. Яқинда бир хабарда 25-30 йилда дунёдаги 60 фоиз тил йўқолади, дейилганини ўқидим. Ўзбек тили нима бўлади деб ўйлайсиз? (Рустам, 8 Август, 2004).
ЖАВОБ: Аслида бу энг катта сиёсий масала. Ўзбек тили 25-30 йилда йўқ бўлмаса ҳам унинг бугунги аҳволи ўзгармаса келажаги фожеалидир.
Бундан 30-35 йиллар чамаси олдин дунёдаги энг йирик олтита тилдан бир муштарак тил-Эсперанто тили вужудга келтирилган эди. Ўшанда ярим аср ичида бу тил дунёнинг ягона гаплашиладиган тилига айланиши башорат қилинганди. Лекин Эсперанто “ўсмай” қолди. Аммо бу сохта тил билан айни даврда Интернет тили ҳам туғила бошлади ва жуда тез ривожланмоқда. Бугунга келиб, Интернет тилидаги сўз бойлиги Ўзбек тилининг сўз бойлигидан беш маротаба кўпдир ва бу тилни бемалол қўлланадиганлар дунёдаги ўзбекларнинг умумий сонидан 2-3 маротаба ортиқ.
Интернет тилининг бир қисмини Инглиз тили ташкил этади. Ўтган йиллар давомида Франция, Хитой ва Россия Интернет тилидаги калималарни ўзларининг тилларидаги сўзлар билан алмаштиришга уриндилар. Лекин бу билан “улкан ишғол”ни тўхтата олмаяптилар ва тўхтата олмасалар ҳам керак.
Келажакда дунёда умумий бир тил вужуда келишининг замирида Интернет мавжуд ва шунинг учун ҳам юз йиллардан кейин бутун дунёда одамлар ягона Интернет тилида бир-бирларини бемалол тушуна оладиган даражага етадилар. Бу ўз навбатида уларнинг она тилларини таҳлика остига қўяди.
Ўзбек тилига келсак, бу тил бугуннинг ўзида таҳлика остидадир. Биз тил нуқтаи назаридан дунёдаги энг чаласавод гуруҳлар сафига киришимиз мумкин.
Халқ тили, адабий тил ва расмий тил орасидаги кескин фарқ бу чаласаводликнинг бир боисидир.
Интернетдаги истаган бир ўзбек саҳифани очиб кўринг, истаган меҳмонлар китобига кириб кўринг, қани Ўзбек тилининг талаб даражасига жавоб берадиган ёзувларни топа оласиз-ми? Имловий хатолар ёзувларни компютерга киритиш давомида юз беришини инобатга олсак, қолганлари-чи? Оддий жумлани туза олмаслик, замон феълларидаги чалкашлик, қўшма гапларнинг қовушмаслиги, сўзларни нотўғри ўринларда, нотўғри маъноларда қўлланиш, ўз фикрини очиқ тушунтира олмаслик… каби манзарани нафақат Интернетда балки кундалик матбуотда ҳам кўрмоқдамиз. Афсус. Бу фожеанинг бир жиҳати.
Иккинчи жиҳати эса: озгина ақлини таниган ўзбеклар бугун Интернетда асосан Рус тилида ёки Инглиз тилида мулоқот қилишга ўтдилар. Яъни ўз гапларини Ўзбек тилида айтишдан кўра, бошқа тилда айтиш уларга осонроқ келмоқда.
Фожеанинг учинчи жиҳати алифбога, ёзувга муносабат билан боғлиқ. Дунёда бирор-бир халқ ўз ёзувини 100 йилнинг ичида беш марта ўзгартирмаган. Лекин бизнинг халқимиздан чиққан сиёсатчилар бу халқнинг қадриятларини, ўзлигини оёқ ости қилганлари каби, она тилини нафақат ҳимоя эта олмадилар, балки топтадилар, русларнинг талаби билан ёзувини қайта-қайта ўзгартирдилар ва бугун ҳам лотину кирил ёзувлари орасида жонимиз талвасада. Бу эса оммавий чаласаводликка олиб келди.
Мен ҳар куни турли одамлардан ўнлаб “электрон” мактублар оламан. Ҳатто Ўзбекистонда энг муҳим идорада ишлайдиган танишим ҳам хатини эплаб ёзолмайди. Ўзини бош вазирликка, оз қолсин президентликка лойиқ кўрадиганлардан олинадиган хатлар ҳам шу аҳволда. Кейинги бир йил ичида фақат Муҳиддин деган йигитдан Ўзбек тилининг гўзал ва мукаммал юзини кўрсатадиган бир неча мактуб олдим ва ҳавас қилиб, одамларга кўрсатиб юрибман. Она тилимиздан ана шундай учқунлар қолаётгани ачинарлидир.
Бунинг устига ўзбек зиёлиларининг бугун ёзган асарлари билан қилган ишлари бир-бирига зид тушиб қолгани халқнинг матбуотдан, китобдан юз ўгиришига, она тили хазинасидан узоқлашишига олиб келди.
Ана шуларнинг ҳаммасини бир нуқтага жамлайдиган бўлсак, Ўзбек тилининг келажаги зулмат ичида эканлигини тасаввур қилиш қийин бўлмайди. Аммо умид ўлган эмас. У ҳолда нима қилиш керак?
Ишни Ўзбек тилини ўрганишдан бошлаш керак. “Гаплаша оламан-ку!” дейишингиз мумкин. Бу эса “Тилимиздан “вотти-вотти”, аста секин кетивотти” деган кинояни эслатади.
Олтин балиқ ҳақида замонавий эртак


Жуда яқин замонда,
Ўзбекистон томонда
Чолу кампир бор экан
Кулбалари тор экан.
Чол дарёга тўр ташлар.
Ночор яшаркан улар,
Кампир ювар кирларин,
Қашшоқликнинг сирларин.
Кўз ёш тўкиб бир куни,
Чол борибди дарёга.
Ташлабди қармоғини,
Ёзғириб ҳўб дунёга.
Шунда мўжиза қаранг,
Илинмиш катта наҳанг.
Наҳангкки шунчакимас,
Олтин ярақлаган ранг.
Чол ҳангу манг бу ҳолдан,
Эси оғаёзибди.
Олтин балиқ шу замон,
Унга оғиз очибди.
-Эй, бобойжон раҳм қил,
Қўйиб юбор дарёга.
Тила тилакларингни,
Мен чиқарай рўёга.
Лақма экан чол овсар,
Дебди дарҳол шох бўлсам.
Бир фирқа тузиб ёлғиз,
Умрбод раис бўлсам.
Наҳанг тинглаб у чолни,
Ҳайрон елка қисибди.
Думини ликиллатиб,
Тилла танга қусибди.
Демакки чол шу замон,
Бир фирқали бўлибди.
Ўзича пошшо бўлиб,
Хиринг- хиринг кулибди.
Кулбасига қайтаркан,
Кампир чиқмиш югуриб:
"Ҳой, аҳмоқ чол, овсар чол,
Не сўрадинг наҳангдан?.."
Овсар чол аланглабди,
Атрофига мўлтираб.
Олтин балиқ гурунги,
Кампирга аён ё раб?
Чол кўчди дангалига,
Айтди сирни кампирга.
Наҳанг бирла тиллашиб,
Тузганлигин бир фирқа.
Ё. фалак не гуноҳим,
Бунча овсар бу чолим.
Ёлғондакам исёну
Фирқа бўларми ноним?!
Оҳ, уриб кампир чунон,
Чолин ҳайдабди шу он.
Бор қолмагин наҳангдан,
Тутинган ул акангдан.
Аммо сўра бир жўра,
Бўлсин сенга мухолиф.
Шунда ёлғиз бир ўзинг,
Қолмагайсан йўқолиб.
Чол бошин эгган кўйи,
Келди дарё бўйига.
Чақирмасидан бурун,
Наҳанг сув қирғоғида.
Деди чол кўп қайғурма,
Мухолифинг тап -тайёр.
Аммо у - бироз ўғри,
Сенданда бироз айёр.
Чол кўнибди борига,
Шукур мухолифи бор.
Энди унга бир умр,
Қилар бир юмуши бор.
Чол қайтсаки кулбага,
Ажаб бир уй кўринмиш.
Кампир катта балконда,
Елпиниб ўтирганмиш.
Улар шу кундан бошлаб,
Наҳанг билан дўст эмиш.
Ғингшиб - ғингшиб аслида,
Ўғрига кам -кўст эмиш.
Чалиб тешик тоғора,
Чол кампир шод яшармиш,
Уммонларнинг ортида,
Давру даврон сурармиш.
Ўқиган азиз дўстим,
Эртагимиз тугалмас.
Яна айтамиз анча.
Ҳали бери туганмас.
Ризо Обид
четверг, Июнь 11, 2009
понедельник, Июнь 01, 2009
Эшак, Ҳўкиз ва Тўнғиз ҳақида масал
Бошни қўйиб бош узра фирқа тузмиш уччовлон.
Эшак дум ликиллатиб ҳўкизга сўз қотибди,
Тўнғиз эса мажлисда ағанабла ётибди.
Ҳанг- ҳанграган эшакни раис деб аташибди,
Пошшоликка тўнғизни номзод деб сайлашибди.
Ҳўкиз котиб фирқага тарғиботни бошлабди,
Пошшо қилинг мени деб тўнғиз кўзин ёшлабди.
Аввалдан пошшо хачир бу ҳолдан бошин қашир,
Тулки эса билдирмай унга бор сирни ташир.
"Пошшойим мен сизга айтай жонзотларнинг ҳолидан,
Нафси ҳакалак отган ҳаракат аъмолидан".
Хачирнинг қулоғи динг тулкига боқар кулиб,
Хаёлида тулки ҳам кун келар кетар ўлиб.
Эшак, ҳўкиз, тўнғизнинг фирқа сири фош бўлди,
Каттагина давлатга хачирбой пошшо бўлди.
Аламзада уч ҳайвон не қиларин билмади,
Дўстларининг сўзларин қулоғига илмади.
Эшак деди:" мен энди хачирга мухолифман,
Ўла- ўлгунча тахтга бир ўзим муносибман".
Тўнғиз тинглаб эшакни бошлади тўнғиллашин,
Деворнинг тирқишидан қўймади ғинғиллашин.
Менман асли тахт учун номзод бўлган ягона,
Пошшоликка ўзгалар барчалари бегона.
Шунда ҳўкиз шох тираб чиқди пода ичидан,
Кўзларин гўлайтириб мақтанди бор кучидан.
Эшак тоға бош бўлса, тўнғиз оға шох бўлсин,
Аммо мени унутмай кўнгилгинам шод этсин.
Тахтда хачир қирчанғи кўп замон пошшо эмиш,
Жонзотларни қийратиб давру даврон сурармиш.
Эшак, тўнғиз ва ҳўкиз бу замон мухолифмиш.
Бир- бирининг гўштини емаса туролмасмиш.
Ризо Обид
воскресенье, Май 24, 2009
Жаҳонгир МУҲАММАД: Ўзгармаган мавзулар

САВОЛ:Сиз Ўзбекистон қаҳрамонлари ҳақида салбий фикр билдирибсиз. Хўп сизга қолса кимга шундай унвон берган бўлардингиз?
ЖАВОБ:Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистон қаҳрамони унвони мамлакатнинг энг юксак унвони бўлиши шарт ва уни буғдой сепгандек сочиш керак эмас. Қолаверса мамлакат миқёсида қаҳрамонлик кўрсатиш ҳам ҳар куни ва ёки ҳар ойда юз беравермайди.
Бу унвон биринчи галда мустақиллик учун чин маънода курашганларга ва сўнгра миллат ҳамда мамлакат йўлида жон фидо қилганларга, фавқулодда бир улуғ ишларга қўл уриб жасорат намойиш этганларга берилиши керак. Ҳозир эса президентни мақтаганларга, унга садоқат кўрсатганларга берилмоқда.
Келажакда бу унвонни беришни фақат президент ҳал қилмаслиги керак. Буни президентдан мустақил бўлган бир гуруҳ кўриб чиқиши ва имзолаш учун, ўз таклифини айтиши учун президентга тақдим этиши лозим.
Айни пайтда президентнинг ўзи амалда туриб бу унвонни олишини маънавиятсизлик, ўз вазифасини суиистемол қилиш деб баҳолаш зарур.
Менга қолса биринчи галда шўролар даврида ҳам мустақиллик калимасини қўрқмай айтган ва бу борада “Ўлмас қоялар” дек кучли асар ёзган Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов), Совет давридаёқ прокуратура ва милицияни коммунистик партиядан мустақил қилиш учун биринчи одим отиб бу ҳаракатининг қурбонига айланган Мурод Жўраев, халқ ҳаракатининг байроқдори улуғ шоир Ёдгор Обид, ошкоралик қалдирғочи Тойиба Тўлаганова, Каримов Қашқадарёда ишлаган пайтидаги қилмишларини у президентликка сайланаётган пайтда фош қилиш учун қўрқмай бош кўтарган ва баҳодирлик тимсолига айланган Шовруқ Рўзимуродов, КПССга исён қилиб унинг бошланғич ташкилотини тарқатиб юборгани боис бўҳтонлар билан қамалиб кетган Самандар Қўқонов, Каримов бошчилигидаги коммунистик гуруҳ тиш-тирноғи билан кўрсатган қаршилигига қарамасдан Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини эълон қилишда жасорат кўрсатган ўнлаб Халқ депутатларига бу унвонни лойиқ кўрган бўлардим.
Совет давридаёқ мустақилликни куйлаб довруғи довон ошган Дадахон Ҳасан, умрини зулм билан курашга атаган Юсуф Жума каби фидойилар бугуннинг қаҳрамонларидир.
Ишонаманки, бугун Каримов режими йўл қўйган мудҳиш хатолар эртага бир кун тузатилади ва адашган унвонлар ҳам асл эгаларини топади.
Зотан, ёлғон дарахтининг илдизи калта бўлади ва кун келиб бу дарахт қилт этган шамолга бардош беролмай гурсиллаб йиқилиб тушади. Ҳақиқат ниҳолининг илдизи эса жуда чуқур бўлади ва бу ниҳолни юлиб ташлаганингиз билан барибир бир кун яна ўсиб чиқади.
“Оқсарой сирлари” китобидан.
вторник, Апрель 28, 2009
Жаҳонгир МУҲАММАД: Миллий маънавиятсизлик ёки Жамол Камол

“ Адабиёт ва санъат азалдан бери давлат ва салтанат соҳибларининг ҳимоясида бўлиб келган. Султон Ғиёсиддин Мавлонони ўз қанотлари остига олган эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бўлмаса Навоий бўлмас эди. Давлат раҳбарининг оти истанг бошқон, истанг султон ва ёки президент бўлса ҳам масала ўзгармайди… Ўзбекистонда Ислом Каримов ана шундай буюк ишни бажараётгани ҳолда Туркияда ижодкорларга бундай муносабат йўқ”..
Менинг Жамол Камол ҳақидаги фикрларим унинг “Туркия” газетасининг мухбири Иҳсан Гулcу билан ўтказган суҳбатидан кейин ўзгарганди. Ўшанда мен Туркияда яшардим ва мазкур рўзномада ишлардим. Рўзномада аксарият-кўпчилик Каримов режими ҳақида, унинг халққа зулм ва зуғуми борасида хабардор эдилар ва менинг қарашларимни ҳурмат қилардилар. Ўзбекистон ҳақида ёзгудек бўлсалар, албатта келиб, мендан фикр олардилар. Аммо бир-икки киши Тошкентга бориб, Каримовдан шахсан тўн кийиб қайтгач, уларнинг ва уларнинг гапларига ишонганларнинг фикрлари ўзгара бошлади. Шуларнинг орасида Иҳсан ҳам бор эди. Бир куни у менга:
-Жаҳонгир аби(ака-ЖМ), эртага чиқадиган саҳифани яхшилаб ўқи, бизларга ишонмасанг, мана Жамол бейга ишонарсан, ахир у ҳам мухолифатдан чиққан экан, ҳақиқатни айтадиган одам-ку!- деди сенсираб.
Туркияда яқин олиб гапирилганда сенсирашади ва сизлаш ўртадаги узоқ масофани кўрсатади. Аммо газетадагилар ўзбек одатлари ҳақида ёзганларимни ўқиганларидан кейин ва менинг уларни “сен” деб гапиришга тилим бормаганини кўрганларидан сўнг мен билан сизлаб гапиришарди. Шу боис ҳам Иҳсаннинг сенсирашини ўша дақиқада тушуна олмасамда, кейинчалик унинг ”ватан хоинларининг гапларига ишонаверманглар” деган насиҳатлардан таъсирланганини ўргандим.
Дарҳақиқат, эртасига, яъни 1995 йилнинг 5 Сентябр, Сешанба куни Жамол Камолнинг “Туркия” газетасининг 4-саҳифасида тўлиқ ва бошқа саҳифада ҳам давом этган суҳбати чиқди.
Унда Жамол Камолнинг алоҳида бир суврати, яна мухбир билан тушган сурати ҳамда қизи, неваралари ва илгари “Озодлик”да ишлаган ва ўша кунларда Ўзбекистон ҳукумати билан яқин бўлган Зиёвуддин Бобоқурбон билан бирга тушган сурати ҳам босилганди.
Ўшанда Жамол Камолнинг фикрларига қарши мақола ёздим ва бир неча газетада чиққан ҳам эди. Баҳора Олим қизи бу мақолаларни тўплаб, “Озодлик” радиоси орқали эшиттирганди ҳам. Демак, жавобсиз ҳақ қолмаган, бунинг устига шу суҳбати чиққандан кейин орадан ҳеч вақт ўтмай Жамол Камол ишдан олиб ташланди. Шундай экан, нега бу мавзуга қайтишга эҳтиёж туғилди, деб ўйларсиз.
Гап шундаки, яқинда, яъни 2003 йилнинг 14 февралида Жамол Камолнинг “Моҳият” ҳафталигида “Китобсиз эл…” деган бир мақоласи чиқди.
Унинг мақоласидаги мана бу сатрлар кишини ўйлатади:
“…Биров бозорга супурги олиб чиқади, биров кўкат, биров картошка, саримсоқпиёз… Ёзувчининг халққа таклиф этадигани-китоб…
…алам қиладиган жойи шундаки, бизда сандиқ ясаган устадан солиқ олинмайди, китоб ёзган ёзувчига солиқ солинади…
…ҳозир Ўзбекистонда китоб нашр этиш ёзувчи учун орзу эмас, армон бўлиб қолди…
…Юртимиз мустақилликда яшаётган ўн икки йил ичида менинг битта ҳам китобим босилмади. Ажабо, мустақиллик шиорини биринчи бўлиб кўтариб чиққан биз, ёзувчилар эмасмидик?..
Ёшим олтмишдан ошди. Эл олдида ҳисоб бериш фурсати етди…
Лоақал “Сайланма” асарларимни чиқариб беринг, деб қайси эшикка борай, қайси остонага бош урай?..”
Ана энди мен юқорида зикр этган суҳбатдаги мана бу сатрларни ўқиб кўринг. Ўшанда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раҳбари бўлган Жамол Камол Туркиянинг энг йирик рўзномасига қуйидагиларни айтган эди:
“ Адабиёт ва санъат азалдан бери давлат ва салтанат соҳибларининг ҳимоясида бўлиб келган. Султон Ғиёсиддин Мавлонони ўз қанотлари остига олган эди. Султон Ҳусайн Бойқаро бўлмаса Навоий бўлмас эди. Давлат раҳбарининг оти истанг бошқон, истанг султон ва ёки президент бўлса ҳам масала ўзгармайди… Ўзбекистонда Ислом Каримов ана шундай буюк ишни бажараётгани ҳолда Туркияда ижодкорларга бундай муносабат йўқ”..
Жамол Камол ўшанда Туркия билан Ўзбекистонни солиштирар экан, Туркияни, унинг ҳукуматини қаттиқ танқид қилгани, машҳур латифани эслатганди. АҚШ раҳбари Брежневга ” Мана бизда сўз эркинлиги бор, одамлар ҳукуматимизни истаганча танқид қиладилар” деса, Брежнев, “Бизда ҳам сўз эркинлиги бор, бизникилар ҳам истаганча танқид қилишлари мумкин, ҳукуматингизни…” деган экан.
Жамол Камол ёзганди:
“…Ўзбекистонда Ёзувчилар уюшмаси раисининг мавқеи Маданият вазири билан тенглаштирилган.
Менга давлат катта маош беради.
Мен учун ҳукумат махсус машина ажратган.
Ўтган йил Президентимизнинг қарорлари билан ёзувчиларга тарқатиш учун 50 та квартира берилди.
Турк ҳукумати ёзувчиларга шундай меҳрибонлик қилмоқдами?…
Ёки яна ўтган йил Тошкент атрофидан 100 гектар ер ажратиб бердилар. Истаган уй қурсин, истаган боғ, дедилар. Бу давлатимизнинг ижодкорларга муносабатининг бир ифодасидир.
Аммо Туркияда ижодкорларга бундай муносабатни кўрмадим…
Яна Ўзбекистонда ўтган йил ҳукуматимиз ижодкорлар учун, уларнинг оилалари учун уч қаватли бир поликлиника қуриб берди…”
Шундан кейин Ўзбекистонда ижодкорларнинг рўзномалари-ю журналларига ҳукуматнинг меҳрибончилиги саналади. Ҳаммаси Ислом Каримовнинг мунаввар сахийлиги боис бўлаётгани айтилади. Китоблар гувиллаб чиқиб турганидан мачитларда азонлар гуриллаб айтилганига қадар ҳеч нарса унутилмайди ва Ислом Каримов халққа Аллоҳ инъом этган бир зот эканлиги урғуланади.
Шундай гапларни айтган одам бугун бирданига жамиятдан, тузумдан шикоят қилиб қолса, қулоққа анча қизиқ туюлар экан.
Нима бўлганда ҳам бугунга қадар Туркияда бирор бир ёзувчи китобим чиқмаяпти, деб шикоят қилган эмас. Чунки Туркияда ҳукумат ижодкорнинг ишига аралашмайди ва ижодкор мустақил. Ҳукумат раҳбарига қуллуқ қиладиган ижодкорни эса у ҳар қанча талантли бўлса ҳам ижодкор, деб тан олишмайди, балки маддоҳ, дейишади.
Жамол Камолнинг мустақиллик деб аталган йилларда Ўзбекистонда китоблари чиқмаган бўлса аслида у фахрланиши керак эди. Чунки бу йилларда маддоҳона китобларга доим йўл очиқ… Каримов режимининг қулларига Жамол Камолнинг ўзи Туркияда баралла айтгани каби барча шароит қилиб берилган. Маддоҳлик муаллифларига орден, медаллар, қаҳрамонлик унвонлари берилмоқда…
Мен шу йилларда Ўзбекистонда китобим чиқмаганидан ғурурланаман. Менинг ҳам китобимни чиқаринг, дея ёлвориш эса сиз қилаётган зулмларга кўз юмганман, дегандек туюлади, менга.
Дарҳақиқат, “Америка Овози” га суҳбат берган (21 феврал, 2003 йил) таниқли олим, ёзувчи ва журналист Ботир Норбоев халқни эмас, ўзингни ўйлашни мустақиллик йилларида янада кенг ёйилган миллий маънавиятсизлик, деб баҳолади. Қачон ана шу маънавиятсизликдан қутулсак, жамият ўшанда ўнгланади.
( Вашингтон, 2003 йил, 24 феврал).
“Тарихни титратган кунлар” китобидан
понедельник, Апрель 20, 2009
воскресенье, Апрель 19, 2009
Адҳам Эшмонов Нақшбандий:Ағёр ила қолгайман!

Сендек висол кўргандан, ватангадо қолгайман,
Сендек йўлдош бўлгандан , ағёр ила қолгайман.
Сендек оташ бўлгандан, аччиқ тутун бўлгайман,
Сендек арслон бўлгандан, содиқ бир сак бўлгайман.
Сендек ватан бўлгандан, чўлда фақир ўлгайман,
Сендек ўзбек бўлгандан, сўзсиз забон бўлгайман.
Сендек воиз бўлгандан, сўқир дарвиш ўлгайман,
Сендек миллат бўлгандан, номсиз элат бўлгайман.
Сендек тавфиқ бўлгандан, Давс кофир қолгайман,
Сендек ўзбек бўлгандан, Давс кофир бўлгайман.
Сендек эркин бўлгандан, маҳкум сангсор ўлгайман,
Сендек маъшал бўлгандан, зулмат афзал кўргайман.
Сендек тақсир бўлгандан, мискин умр сургайман,
Сендек чаман кўргандан, чангалзорда юргайман.
Сендек шариф бўлгандан, ғарибликда ўлгайман,
Сендек туғилгандан дунёга, йўргагимда ўлгайман.
16/18.04.2009
понедельник, Апрель 13, 2009
понедельник, Март 30, 2009
Жонли мулоқот (4)
-дунё хабарларидан сатрлар
-мухолифатнинг аҳволи
-зиндондаги адибнинг садоси…
Марҳамат томоша қилинг.
понедельник, Март 09, 2009
Ҳайит Ғафур : Буюк инсон, даҳо шоир, эрк куйчиси

( Юсуф Жумага бағишлайман )
Жазосиз қолаётган жиноятчи шох ёҳуд уни " оқлаган ишонч" ҳақида фикрлар
"Юз йилда бир туғулармуш эл дардини айтолган,
Айта олсак энг покиза қояларга ўхшатинг". (Шерали Жўраев куйлаган қўшиқдан)
Инсон бор эканки унда турли қарашлар, фикрлар ва ўз ички кечинмаларини баён эта олиш истаги ҳамда ҳуқуқи тўла ўзига берилган. Кимдир бу истагини ўзаро мулоқотда баён этса, кимдир буни қоғозга туширади.
Билдирилаётган фикрларнинг эса яхши ёки ёмони бўлади. Яхши фикрлар у оғриқли бўладими ёки ўзаро бўладиган суҳбатда кимгадир нафли бўладими ҳар ҳолда бундай фикрларнинг бўлгани яхши.
Ижобий фикр билдира оладиган инсонлар, назм ва насрда қалам тебратаётганлар ўзларидаги қобилиятлари маҳсули, дунёдаги воқеа ҳодисаларга бадиийлик бериш билан бирга ўз ички кечинмаларини маҳорат билан ёзиб ўзларига абадий обида қурганлар. Уларни ҳақли равишда адабиёт тождорлари десак муболаға қилмаган бўламиз.
Уларнинг адабиёт тождорлари даражасига кўтарилганликларининг бош сабаби эса, ижодларида филантропиянинг - яъни инсонни улуғлашнинг мавжудлигидадир. Шунинг учун бу адабиёт тождорлари эъзоз топдилар ва токи бу дунёда сўнгги инсон яшар экан улар улуғланадилар.
Аммо ҳар тўкисда бир айб бор деганларидек. Эл дардини айта олувчилар ўзлари гувоҳ бўлган гўдакларимиз уволи, эркакларимиз дар-бадарлиги, ўз қоринларини тўйдириш ғамида шаҳват қурбонларига айланган аёлларимизнинг дардларини айтмай аксинча золим билан ҳамнафас ҳолда унга қарата "сиз худонинг ердаги соясисиз" , "сизнинг амрингиз вожиб" , "сиз мустақил давлатимизни шараф билан бошқаряпсиз" , "биз 17 йилдан бери сизни самимий ва тўғрисўзлигингизни билмаган эканмиз, энди билдик".
Сизни ҳам" кўнгил дунёнгиз борлигини унутиб қўйибмиз", "сизнинг ўзингизга хос ва ўзингизга мос ҳаракатларингиз, самимий ва ҳиссиётлигингиз, " оташин ва ўжарлигингиз, тўғрисўз ва тўпорилигингиз" га ишонмаслик мумкин эмас". Шу ҳислатларингиз ўлароқ " сизга нисбатан беихтиёр қалбимизда ажиб бир меҳр туямиз" дея айтаётганларининг ўзиёқ уларнинг шайтон тегирмонига сув қуяётганликларини билдиради.
Бундай ҳолатларда бу лутфгўйларни ўз ватанида муҳтожликда ҳаёт кечираётган, ҳар қандай ҳуқуқлардан маҳрум этилган халқимизга зулм қилаётган хукумдор билан уларни бир сафга қўйишимизга асос бўлади.
Тўғри бу лутфгўйларни жиноятчи ҳукмдар қаторига қўшиш билан уларни ҳам жиноятчи дейишга менда асос, далил ва исбот ҳам йўқ. Булар "жиноят" қилган эмаслар. ФАҚАТГИНА ЖИНОЯТЧИГА ЯЛТОҚЛАНИБ ҚЎЛТИҒИГА СУВ ПУРКАБ ТУРГАНЛАР ХОЛОС. Нима қилган бўлсалар ҳам манфаат учун қилганлар. Уларнинг қилган ишларининг умумий йиғиндиси ва бунинг натижаси ҳозирги кунда ҳаммага кундай равшан кўриниб турибди.
Бу мамлакатимиз халқларининг ҳуқуқсизлиги. Бу ҳокимият томонидан халқимизга қарши бўлаётган репрессия. Бу муҳтожликда яшаётган миллионлаб қашшоқ ватандошларимиз.
Шу ўринда айрим одамлар мақташ жиноятга кирмайдику дейдилар. Аммо мақтов ҳам жиноятга етаклайди. Мақтов инсонни бузади , уни инсоният қадриятларини оёқ ости қилишга етаклайди. Бир одамни мақтаб минг одамга зарар келтириш мумкин.
Аммо шу нарса афсусланарлики бу марифатгўйлар бошқаларга қараганда золим тождорга яқин туришлари. Унинг жамиийки ёмон сиру асроридан воқифликлари ҳеч кимга сир эмас.
Шунга қарамай ҳануз уни олқишлашни давом этдираётган шоиру замон, адиблару, ўзини ижодкорлар дея эътироф этувчиларнинг мақтовлари бир мени эмас, ўзгаларни хам нафратини келтиради.
Агар сарой кирдикорларидан бехабар, сиёсатдан йироқ ёки инсониятга қарши юритилаётган жиноятнинг таги замирига тушунмайдиган содда, билимсиз инсондан бу мақтовларни эшитсангиз "ҳа энди ҳаётда шунақанги инсонлар ҳам бўладида" деб кўнглингизга таскин берасиз.
Лекин ҳаётда бошқаларга нисбатан оқ қорани яхши ажрата олган, маълумоти олий, бунинг устига катта- катта китоблар ёзган инсонлар золимни мақтасаларчи.
Шу ўринда бир неча ўн йиллар илгари эшитганим ривоят эсимга тушаверади. Ўтмишда бир шох ўз вазиру вузаролари, аҳли илм ва донишмандларини йиғиб, - айтингларчи золимнинг зулмини нималарда кўрса бўлади деб савол берган экан.
Зулмнинг қандай кўринишда аён бўлишини баён этиб беришдан қўрқган. Қўрқганда ҳам хақ гапни айтиб қўйиб подшоҳнинг қаҳрига учраб амалидан ва жамиийки имкониятларидан махрум бўлишларини ўйлаб ҳеч бир одам бу саволга жавоб бера олмабди.
Шунда хақгўйлиги ва тўғри сўзлиги билан юртда номи танилган бир донишманд вазир ўрнидан туриб шундай деган экан,- "Подшо золим бўлса юртда очарчилик бўлади. Етим есирлар кўпаяди. Ўғрилар қўпаяди.Зино қилишлик одатий ҳолга айланади.
Амалдорлар порахўрликни ҳаётий зарурат деб биладилар. Адолат излаб қозининг эшигини қоқганларга зиндоннинг эшиклари очилади.
Адолатсизликдан ва муҳтожликдан одамлар ватанларини тарк эта бошлайдилар" деб жавоб берган экан.
Қани айтингчи бу донишманд вазирнинг айтганларидан қайси бири Ўзбекистонда амалга ошмай қолди?
Балки эртаю кеч сарой хизматида қўл қовуштириб турган адибларимиз ўзларининг биз билмаган арзигулик жавобларини айтарлар.
Балки бу ҳолатларни доимо сархуш юрадиган Абдулла Ориф айтар? Балки,
"Ўзбегим" дея қасида битиб ўзига шохона обида қургану, кейинчалик "замон сенга боқмаса сен замонга боқ" деб замон зайлига ҳамоҳанг яшашга интилган Эркин Воҳид Каримов истибдоди ҳақида ўз сўзини айтар?
Балки халқни кўпикга ўхшатган Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақсизлик, зўравонлик ва кўз ёшлар эвазига қулдор саройида тўпланган бойликлар ҳисобига ўтказилаётган ишратлардан сармаст бўлган бу шоир арзигулик бирор нарса деяр?
"Пири Қул" Қодир" чи у ҳам бирор нарса айтар?
Барот маротлар ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади.
Надоматлар бўлсинким Ўзбекистонда бундайин инсонлардан юзлаб ҳатто минглаб топилади. Ҳатто улар ватандан айро тушган юртдошларимиз орасида ҳам етарлича бор.
"Эшшак эшшакдан қолса қулоғини кес" деган экан машойихлар. Устозлари даражасига кўтарилишни орзу қилган айрим ижодкорлар ўзлари интилган юксакликларга эмас, нари борса бу устозларининг киндиги ости билан бўйлаша олганликларига уларнинг ҳозирда қилаётган ишлари ҳам гувохлик беради.
Уларнинг бундайин ишларини кўра туриб ногаҳон хаёлингизга " бу инсонлар халқимиз учун фожеа бўлиб яратилган" деган ўй келади.
Аслида бунга ўзимиз айбдормиз. Нега дейсизми? Ахир биз содда ва беақл бўлмаганимизда уларни кўрганимизда етти букилиб тавозе қилмаган, халқнинг юзи ва виждони дея уларни кўкларга кўтармаган бўлар эдик.
Аслида биз халқнинг виждони деганда улар кимлар эканликларини унутиб қўйдик. Гўё улар бу дунёда яшамаётгандай. Кўриб кўрмаганликга оламиз. Турмаларда азоб чекятганларини билсакда уларнинг ҳимояси учун кўчага чиқа олмаймиз, ўткир қаламимиз ўтмаслашади, бурро тилимиз қаерларгадир кириб кетади.
Мени маъзур тутинг ўқувчим, мен ҳаммани қораламоқчи эмасман. Ва ҳаммани бир қолипга тиқиш мақсадим ҳам йўқ.
Бу дунёда Ўзбек халқи бор экан, унинг виждонлари ҳам борлар. Ёшлари етмишдан ошганда ҳам ўзини эмас ҳар бир онини халқини ўйлаш билан ўтказаётган Ёдгор Обид (мен бу инсонни катта ҳарфлар билан МАВЛОНО деган бўлар эдим).
Мен шахсан танимаганим, аммо доимо бу инсонни ёзувларидаги нидо ва исённи ўқиганим - Нидойи Мазлум. Нима сенлар ҳам Нидойи Мазлум бўлолмайсанларми? Мақсадинг амал ёки бойлик бўлса бу ерларга келиб ўтирмай содиқлигингни ўша ернинг ўзида кўрсатганингда бу айтилган нарсаларга эришар эдингку.
Ҳар қанча таъқиб тазйиқларга қарамасдан Ватанни тарк этмай яшаётган халқнинг фидои фарзанди Дилмурод Сайиддир.
Мухолифатнинг орасига раҳна солиш мақсади бўлган инсонларнинг бунёд этувчилари ҳам худди ўзларига ўхшаган бўлса керак. Шунинг учун улар Дилмурод бўла олмайдилар.
Айримларга ўхшаб вақт ўтгандан сўнг қилич яланғочлаб кўчага чиқадиган ёзувчи қахрамонлар сингари золимни улуғлаб эмас. Хозирни ўзида қотил хақида асарлар битгану маломатга қолган Жаҳонгир Муҳаммадга нима кам эди?
Тинчгина юрганида унга амал берилмасмиди? Айрим латта бошларникидан кўра унга имконият кўпроқ эдику.
Хўп у шунчадик ёмон бўлса нега сен ва у ерда қолган "яхшилар" сафида туришга ҳазар қилди ва Ватанни тарк этди.
Хўш, унда сен шундай содиқ ва яхши одам экансан нега уни ёнида қолиб мақташни давом этдириб, мақсадингга эришиш учун уни турму.......ни артиб юрмадинг.
Ахир сен қанчалик мақтама, халқ уни кимлигини яхши биладику.
Дунё Турклари халқларининг Машраби, Юсуф Эмрони ва Пушкини-Юсуф Жумага бу адибу ижодкорман дегувчилар ғуломликга ҳам ярамайдилар. Агар шундай бўлмаганида эди улар ҳам Юсуф Жума сафида туриб золимга қарши курашган бўлар эдилар. Қамоқда қийноқларга солинаётган буюк шоир ҳимоясига отланар эдилар.
Албатта бу ёзаётганларим ҳам мени юрагимдан отилтб чиқган бир нидом.
Эндиги хуллосани, кимга қандай ҳукум чиқаришни халқ белгилайди. Ҳукум бу ҳукум. Бугун чиқмаса эртага чиқади, эрта чиқмаса индин чиқади.
суббота, Февраль 14, 2009
Шоир Адҳам ЭШМОНОВ (Нақшбандий) билан суҳбат

"Озодлик"ка демократ шоирлар керакмасми?
“Озодлик”даги бобожонлар деганларда мардлик ҳислати йўқлигини билардим.Чунки, чиндан демократ киши бўлса нечалаб кишилар эмас биргина одамнинг танқидий фикрига ҳам “лаббай” деб жавоб бериб, мардона чиқиш қилиб ўзини ўнглар эди.Шуларни ўйлай туриб, улар машғул бўлаётган пропаганда нақадар нохолис эканини тан олиша билмаётганидан ачинасан киши.
Майли сиёсат бобидаку ўзларига “кумир” ясаб олиб бошқаларни радио минбарига чиқаришдан қизғанарлар, аммо умуман сиёсатдан ҳоли эшиттиришлардачи?
Масалан айрим режим маддоҳлари ижоди ҳақда “озодлик”чилар суҳбатлар беришганини эшитиб тавба дейсиз. Ҳатто Усмон Азим каби Ўзбекистон диктатори маддоҳлари ҳам реклама қилиниб ётибди.
Ўқувчиларда “балки “Озодлик”да ижоди ҳақда сўз юритишга арзигулик бошқа ижодкор топилмагандирда” деган ўй ҳам кечар.Бизнингча ундай эмас.
Масалан, мен ижодига қизиқиш билан муносабатда бўладиган Нақшбандия тариқати давомчиларидан бири Адҳам Эшмоновда бу тариқатга оид ғоят қимматли тарихий маълумотлару далилий ашёлар, суратлар мавжуд.У билан суҳбатларимизда сўрагандим:
-”Озодлик” радиосида Нақшбандия тариқати ва унинг кенжа авлоди ҳақда нега чиройли дастур тайёрлашмайди, балки сизнинг ижодингиздан улар бехабардирлар?
-Аввало менинг ижодимни тан олаётганингиз учун раҳмат.Аслида мен “Озодлик” радиоси ё бирор бир бошқа манба учун ижод қилмайман.Умуман уларнинг менинг ижодимдан хабардор ё бехабарликларига келсак аввало шуни айтмоқчиманки, кўплаб интернет сайтларида ҳам, бир пайтлар журналист Жаҳонгир Маматов “Америка овози” радиоси орқали ҳам эшиттиришлар тайёрлаб овозимни ёзиб олиб ҳаво мавжларига узатганидан бехабар эмаслар, бундан ташқари улар ўзича “лидер” атаётган Салай Мадаминов билан яқин муносабатларда бўлганман.Мен улар “лидер” атаётган кимсага ўз фикримни айтганим учун ёқмадим шекилли муносабатимиз узилиб қолди.Шу-шу бўлди -ю улар менга ёвқарашда бўлиб қолдилар.Лекин “эшакнинг миясини қанча шампунлаб ювманг барибир эшаклигича қолади” дейилгандай ундайларга ҳам бир гап уқтириш қийин.Худди диктаторларга ўзгача фикрловчилар ёқмагандай сиз айтаётган кимсалар ҳам ўша диктатордан баттар бўлганлари учун биз кабиларнинг нафақат сиёсий қарашлари балки ижодларида ёқмайди.Чунки ундайлар ўзларини якка-ю ягона даҳо ҳисоблашади.Улардан дурустроқ ижод қиладиган киши чиқиб қолса ўзларидан ўзиб кетишидан чўчиб “МХХчи, айғоқчи” бадном қилишга уринишади.Афсуски бақириб айтилган ёлғонга тез ишонишади дейилгандай уларнинг ёлғонига айримлар анча вақт ишониб ҳам юришади.Аммо вақт шундайин одил ҳакамки ундайларнинг ўз сўзларидан ўзларини чалкаштириб шарманда қилади холос.Шунинг учун ундайлардан бирор бир ижобий ўзгариш ёҳуд холислик билан эътибор кутиш бесамар…
Ўз ижодига ғоят камтар муносабатда бўладиган бундай инсонлар кам топилади.Адҳам Эшмонов ўзининг ишбилармон тадбиркорлиги, зукко сиёсатчи ю, қобилиятли раҳбар эканига у кўрсатган фото ва видеоҳужжатлардан билганимга анча вақт бўлди.Унинг асосий яшаш жойи Холландда бўлсада бизнесс билан боғлиқ фаолияти Лондондан тортиб Болгария мамлакатига қадар.У билан гоҳо Холландда учрашиб суҳбатлашсак, гоҳо телефон орқали Венгрия ё Руминиядалигида суҳбатлашишимиз мумкин.Бу галги суҳбатмиз чоғи эса у Болгарияда хизмат сафаридалик чоғи бўлиб ўтди.Ҳар галги у билан суҳбатларимиз асосан адабиёт мавзусида кечсада аммо албатта ватан, ватанга муҳаббат, эл юрт ташвиши билан йўғрилган бўлади.Аслида эса ўзи учун иқтисодий жиҳатдан бақувват пойдевор ясаб олган ватандош айрим бизнессменлар каби “менинг нима камим бор” дея қўл силтаб кетиши ҳам мумкин эдику.Лекин унга ватанга бефарқлик ҳисси ёт.
Ватандош шоир Адҳам Эшмонов (Нақшбандий) ўз ижодига ғоят камтарона муносабатда дедик.Буни унинг ўзининг миллатдошларга, ватандошларга мурожаат оғангидаги чизгиларидан ҳам илғаб олиш қийин эмас.У мухлисларга мурожаат этар экан:
“…Ассалому алайкум азизлар,
Мен шоир эмасман, шоирликга даъвогар ҳам эмасман. Қуйидаги машқлар ғурбатда-муҳожиратдаги ҳаётда битилган қонталаш юрагимнинг дардларидир, ҳасратларидир…”
дейди.
Аслида эса унинг қуйидаги шеърий мисраларини ўқир экансиз , шоирнинг ўз миллатига, ватанига, элу юртига чексиз меҳру муҳаббату, шу халқнинг ҳақсизликдан изтиробларига шерикликдан ташқари куюниш ҳислари йўғрилган, зулмга қарши отилган юрак нолалари билан бу асар замирида чуқур фаласафий мушоҳада ётганига амин бўласиз.
Бебаҳо тилим бор, дил эса эссиз
Бебаҳо элим бор, халқ эса сассиз
Тупурган тупугун қайта ютганлар
Қўлида қалам деб қилич тутганлар
Дастидин қонталаш, қоқланган, хору- зор
Зиндонда, қувғинда, тору- мор
Миллатим-кўзимда селим бор..
(”Кўзимда селим бор” шеъридан.14. 06. 2005).
Адҳам Эшмонов шеърларида айрим ижодкорлар каби фақат нолишлар эмас балки жасоратли қалам соҳиби, зулмга тик боқа оладиган шахсни кўриш мумкин.Масалан унинг “Кўп ўтмайди кўрамиз” сарлавҳали шеъридан бир мисра:
“Бош-ман” деб бигизин санчганни,
“Тошман” деб бошингизни янчганни.
Ҳар гапда Худо номин пеш қилиб
Итлар каби аккилаб,oламга жар солганни
Кўп ўтмайди кўрамиз…
Адҳам Эшмонов барча муҳожиротда юрган, мардикорликда юрган ватандошларнинг она ватанга қайтишларини истайди.Ҳамма ўз киндик қони тўкилган юртда ҳеч нарсадан кам бўлмай, ҳеч кимсага хору зор бўлмай яшашини истайди.Ва бу истак ва орзу унинг шеърларида нола каби садо беради.Мана улардан айримларига қулоқ тутингга.
"Тушимдаги зиёрат"
Бу кун туш кўрибман,тушларимда мен,
Ватаним йўллларида эмишман яёв.
Зиёрат этармишман тушларимда мен
Валинеъматлару, қиблагоҳ қабрин.
Ўкиниб йиғлармишман нола ҳасратдан,
Қувғин, қатағону, муҳожиратдан…
(”Тушимдаги зиёрат” шеъридан.Актам Усмон Эшмoнов(Нақшбандий)
09. 08. 2005 4:58:15 .А.Эшмонов сайтидан.).
Ёки бўлмаса унинг "Лаънат айтгим келади бу кун" дея номланган шеъридаги мана бу мисрани ўқингга:
«Ҳайҳот!», дегим келади бу кун,қўлларимни кўкка кўтариб,
Андaжонда, жигаргўша волидалар,аҳли турон, қатломлиғидан.
«Водариғo!» дейман бу кун, қўлларимни кўкка кўтариб,
Исломкарим қаттоллиги, ўзбегимнинг гумроҳлигидан…
Шоир Адҳам Эшмонов ( Нақшбандий ) ижоди билан яқиндан таниша борган сайингиз ундаги чуқур мулоҳаза, мушоҳада ичига беихтиёр шўнғиб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз.Унинг ранг -баранг мавзуларда, турли руҳий кечинмаларни, ҳолатларни моҳирона шеърий мисраларга териши кишини ўзига мафтун -маҳлиё этади.
Мана масалан мана бу мисраларни ўқинг.У ватандан олисда бўлсада унинг қучоғига талпиниб, унинг бир бўлаги эканини ҳар сония ёдда тутадиган шоир эканини кўрасиз.
Турон Замин фарёдлари менингда фарёдларимдир,
Турон Замин қийноқлари менингда қийноқларимдир.
Турон Замин оҳ- ноласи, менингда оҳу нолам,
Турон Замин қатломлари,менингда қатлим!…
14. 07. 2005
Сиёсий муҳожир шоир ватандошимиз Адҳам Эшмонов ( Нақшбандий ) ижоди ғоят серқирра ва сермазмун.У ҳақда ҳали кўп айтамиз.Аммо ҳақли савол туғилади.
“Озодлик” радиосдагиларга Каримовни улуғлаётган сарой маддоҳлари ижоди Адҳам Эшмонов каби ватан фидойилариникидан муҳимроқмикан?Ёки “бобожончи озодликчилар”га демократ шоирлар ёқмайди ва шу боис керакмасми?
R.S:Шоир асарлари билан мана бу линк орқали унинг вебсаҳифасига кириб тўлалигича танишишингиз мумкин.
Суҳбатдош РИЗО ОБИД.